http://prod1.cnmi_ca.iostructure.com/uz-Cyrl/articles/cnmi_ca/features/2017/12/20/feature-01
| Дин

Минглаб радикаллашган қозоғистонликлар мўтадил Исломга «қайтмоқдалар»

Ксения Бондал


Эркаклар Остонадаги Нур-Остона масжиди олдида, 22 январ. Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҚМДИ) берган хабарга асосан, 2013-2017 йилларда 4967 нафар қозоғистонлик экстремизмни тарк этиб, анъанавий Исломга қайтган. (Кирилл Кудрявцев/АФП)

Эркаклар Остонадаги Нур-Остона масжиди олдида, 22 январ. Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҚМДИ) берган хабарга асосан, 2013-2017 йилларда 4967 нафар қозоғистонлик экстремизмни тарк этиб, анъанавий Исломга қайтган. (Кирилл Кудрявцев/АФП)

ОЛМАОТА – Қозоғистон ҳукумати радикаллашган фуқароларни мўтадил ислом ғояларига қайтиш ва екстремизмдан воз кечишга кўндириш йўлидаги ҳаракатларни кучайтирмоқда, дейди диний арбоблар.

Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг (ҚМДИ) айтишича, мўтадил Исломга «қайтган»ларнинг сони 2017 йилда 2016 йилга қараганда 1,5 бараварга ортган.

«Биз ҳар йили бу борадаги ишларни замонавийлаштиришга ҳаракат қиламиз,» дейди I-news.kz хабарига кўра, Қозоғистоннинг собиқ муфтийси Ержан ҳожи Малгажули Маямеров ўзининг 2017 йилги ҳисоботида. «Имомларимиз ... экстремист гуруҳларига ёлланган одамлар билан учрашиб, улар билан соатлаб суҳбатлашадилар. Сабр ва мантиқ билан уларга танлаган йўллари хато эканлигини тушунтирадилар.»

«Миллий Муфтият расмийлари ҳалокатли оқимларга аъзо бўлганлар билан мунтазам равишда маданий, диний ҳамда спорт тадбирларини ўтказиб туришади,» дейилади ҳисоботда.

Малгажўғлининг сўзларига асосан, 2013-2017 йиллар давомида 4967 нафар Қозоғистон фуқароси анъанавий Исломга қайтган. 2016 йилги 533 нафарга таққосланганда, бу йил «қайтганлар» сони 940 кишини ташкил этди.

2017 йилда Ақтўбе вилоятида анъанавий исломга қайтганлар сони энг кўп - 308 нафарни ташкил этган. Олмаота ва Қарағанда вилоятларида, «қайтганлар» мос равишда 127 ва 123 нафар кишини ташкил қилди.

Огоҳликни кучайтириш

ҚМДИ ҳузурида ташкил этилган махсус комиссия дерадикализация тадбирлари доирасида адашганлар билан алоҳида суҳбатлар ўтказиш орқали огоҳликни ошириш устида ишламоқда, деди мамлакат бош муфтийсининг маслаҳатчиси Давлет Алиханов Карвонсарой нашрига.

Бу каби реабилитация ишлари қамоқхоналарда экстремизм ва террорчиликда айбланган фуқаролар билан ҳам олиб борилмоқда.

Махсус қўмита аъзолари маҳкумлар билан учрашиб, уларга исломнинг асослари ва тамойилларини тушунтимоқдалар ва исломни тарқатишга катта ҳисса қўшган йирик диний пешволар ҳақида сўзлаб бермоқдалар, деди Алиханов.

Бу суҳбатлар давомида имомлар Қуръондан парчалар ўқиб берадилар, ҳадислардан иқтибослар ва далиллар келтирадилар, деди у.

«Пухталик билан бажарилган ишлар натижасида, маҳбуслар адашганликларини тушуниб етмоқдалар,» деди у.

«Албатта, бу бир кунда бажариладиган иш эмас, уларнинг мўътадил исломга қайтишига ойлаб, баъзида эса йиллаб вақт талаб этилади,» деди Алиханов. «Баъзилар бузғунчи ғояларга жуда чуқур кириб кетишган, улар билан янада кучлироқ ишлашимиз керак, шу сабаб баъзида тушунтириш ишлари олиб бориш учун бир нечта уламолар керак бўлмоқда.»

«Қайта зарарланиш»нинг олдини олиш

Реабилитациядан ўтган экстремистларнинг қайтадан экстремизмга ёлланишларини олдини олиш яна бир муҳим масала ҳисобланади.

«Диндорларни мўътадил исломга қайтариш билан бирга, уларнинг ҳалокатли вирусга қайта чалинишларига йўл қўймаслик ҳам муҳим,» дейди Остоналик экстремизм бўйича таҳлилчи Алибек Киманов Карвонсарой нашрига.

Экстремизм даъватчилари радикал ғояларни оқлаш учун ёлғон сабабларни ўйлаб топаётганликлари туфайли «вирус» доимий равишда ўзгариб бормоқда, деди у.

«Ижтимоий нуқтаи назардан, экстремистларнинг диндорларга қўллайдиган даъват усуллари нақадар пухта ўйлангани баъзида кишини лол қолдиради,» деди у.

Даъватчилар «яшаш унчалик муҳим эмаслиги, ундан кўра ҳалок бўлиб, бошқаларни ҳам ўлим домига тортиш яхшироқ эканлигига одамларни қандай ишонтиришни биладилар».

Қозоғистон очиқ давлат бўлиб, унда интернетга кириш имконияти кенг, у орқали турли ғоялар тез тарқалади, деди Киманов.

«Натижада, «даволанган» фуқароларда касаллик қайталаши мумкин,» деди у. «Бу вазиятда ҚМДИ томонидан доимий равишда ўтказиладиган тарбиявий ишлар иммунитет вазифасини бажаради.»

«Имомлар ва уламолар дерадикализация ишларини олиб бориш ҳамда диндорлар ўртасида экстремизм тарқалишининг олдини олиш учун мудом ўз билим даражаларини ошириб боришлари керак,» деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?
14
Йўқ
Фикрлар 0
Сиёсат
Captcha